• Anasayfa
  • Favorilere Ekle
  • Site Haritası
Site Haritası
Takvim

DADAXON HASAN
Meşhur Özbek Sanatkârı


АҲЛИ ДИЛ ИНСОН... (табрикнома)

АҲЛИ ДИЛ ИНСОН...

(табрикнома)

Шоирларнинг ҳофизи, ҳофизларнинг шоири Дадахон Ҳасан – ижодда ҳам, ҳаётда ҳам ватансевар бир инсон. Унинг ватанпарварлиги сохталикдан холи, самимий ва ҳақиқийдир. Мустамлака даврида у ўзи жону дилдан суйган Ватаннинг – Она Ўзбекистоннинг озодлигини орзу қилди, қўшиқ ва шеър санъати кўтарадиган даражада, ва албатта, ўз иқтидорига яраша, гоҳ имо-ишоралар, гоҳ ошкора нидолар билан инсонларни ғафлатдан уйғонишга ундади. Асл истиқлол ҳар бир фикрли, зиёли инсоннинг, жумладан, Дадахон Ҳасаннинг ҳам дарди, орзу-истаги эди.

Дадахон Ҳасаннинг шеърдаги ва қўшиқдаги аниқ ютуғи, унинг халқ оғзаки ижодига яқинлигидир. Шеъри ва қўшиғига ўта фалсафий фикрлар юклай бошлаганда равонлик ва самимият ундан қоча бошлайди. Унинг ҳафиф – ўйноқи оҳангларида нола бор, дард-алам бор, нолаларида, нидоларида ўйноқилик, равонлик бор. Эътиборсиз тингловчи бўлса, “Ёв босди-ё, ёв босди!..” қўшиғига ҳам рақсга тушавериш мумкин.

Бундай бир таъриф бор эди: Дадахон Ҳасан – оилада сиёсатлик, кўчада саховатлик, ижодда фаросатлик инсон. Оилада, болалар тарбиясида уни қаттиққўл деб эшитар эдик. Аммо кўча-куйда у – ҳазилкаш, аскияга мойил, суҳбатдошини “узиб-узиб” олишга моҳир, қайсар инсон. Ана шу хусусияти унинг аҳли дил эканлигини, дардли, нолали қалби борлигини яшириб туради. Аммо яширишнинг иложи йўқ.. Бу сир унинг ижодида очиқ-ошкордир.Бир дафъа хорижий мамлакатда илм таҳсил олаётган ўғлидан хат келган, хатда: “Ота, ҳаммамиз ҳам бир Аллоҳга қайтамиз, охиратни ўйлаб иш қилишимиз керак” деган маънодаги жумла бор эди. Ота хатни қайта-қайта ўқиб, қайта-қайта ҳўнграб, ўксиб-ўксиб йиғлагани ҳеч эсимдан чиқмайди.

Қалбида миллат дарди, Ватан озодлиги қайғуси бўлмаган айрим казо кимсаларнинг пуч ва бачкана гапларини эшитса, у ҳасратга тўлиб йиғлар эди. Аммо яхши инсонларни: “Дили бор-­­­­­­да, дили бор!” деб таърифлайди, дилни илғайди, топади, қадрлайди.

“Чаманимдан айирма” деган шеърий китоби Дадахон Ҳасаннинг асл элпарвар шахс сифатидаги сиймосини намоён этди.Мустамлака йилларида, 1984-86 саналарда Дадахон Ҳасан менинг ҳам бир қанча шеърларимни қўшиққа солди: “Андижон томонларда”, “Келди Туркистон”, “Ўзбекнинг”, “Янги тонглардан...” кабилар шулар жумласидандир. Бу сатрларда итоб пардаси билан Ватан озодлигини, истиқлол тонгини, янги тонгни орзу қилар эдик.Қўшиқлардаги сатрлар замирида маънолар қўшиқ тилида яна равшанроқ, таъсирчанроқ бўлиб очилар эди. Шу билан ижодкор ўз дардли қалбига таскин берарди. Тарих шахсларга эргашган кишилардан кўра ўз пок ва қутлуғ ғоясига эргашган кишиларни кўпроқ қадрлар экан. Бу жиҳатдан ҳам Дадахон Ҳасан келажак маломатидан сақланган бўлса, ажабмас.Дадахон Ҳасан ҳам олтмишни қоралаб қолди. Жангларда халок бўлиб кетган отасининг ёшидан ўтди. У кишига, Аллоҳнинг ризосига мувофиқ узоқ ва барокотлик умр тилайман. Қиёматгача келадиган зурриётлари аҳли иймон, аҳли дил бўлсин!.. 

МИРЗО КЕНЖАБЕК      

6-август 2000  йил.
  
1555 kez okundu

Yorumlar

Henüz yorum yapılmamış. İlk yorumu yapmak için tıklayın
Ziyaret Bilgileri
Aktif Ziyaretçi2
Bugün Toplam14
Toplam Ziyaret29067
Döviz Bilgileri
AlışSatış
Dolar5.80835.8316
Euro6.48496.5108
Hava Durumu