• Anasayfa
  • Favorilere Ekle
  • Site Haritası
Site Haritası
Takvim

DADAXON HASAN
Meşhur Özbek Sanatkârı


ХАЛҚ СЕВГАН ШОИР ВА ҲОФИЗ

ХАЛҚ СЕВГАН ШОИР ВА ҲОФИЗ

Дадахон! Мен Фарғона вилояти сафаридан куни кеча қайтиб келиб, билдимки, сиз хақингизда дил сўзларимни андак бўлса-да айтмасам, виждоним мени кечирмас. Зеро, мехр-оқибат сўзларимизни бир-биримизга тирикликда айтмасак, кейин на фойда. Иккинчидан, мен айтмоқчи бўлган сўзлар фақат меники эмас, улар айни пайтда бутун ўзбекистонники. Сизнинг қардош жумхуриятлардаги, чет-эллардаги қанчадан-қанча мухлисларингизники, деб биламан.

Одамнинг икки умри бўлади, дейдилар. Бири - унинг тирикликдаги умри. Иккинчиси - унинг кўзи юмилганидан кейингиси. Мен сизнинг биринчи умрингиз халқ ардоғида эканига шохидман. Иккинчи умрингиз ундан хам зиёдалигини хис қиламан. қўшиқларингиз ёзилган кассеталар қўлма-қўллигини биламан. Тўғри сўзлигингиз учун катта-кичик рахбарлар сизни хуш кўрмасликларини, иложи борича номингизга қора суришга, сизни таъқиб қилишга харакат қилаётганларидан хам бохабарман. Айни пайтда одамларнинг: “Дадахон Ҳасановга бирон нарса бўлса, исён сифатида ўзимни Ленин майдонида ёқаман” деган сўзларини хам эшитганман.

қўшиқлари радио тўлқинларига йўлатилмайдиган, ўзи телеэкранга чиқарилмайдиган Дадахон! Шуларга қарамай, сиз бахтлисиз! Орқангизда сизни севувчи халқингиз борлиги билан, ўзингизни шу халқ йўлига тикканингиз билан бахтлисиз!

Биз, бир гурух “Бирлик” аъзолари Фарғонага борар эканмиз, сизнинг Олтиариқ нохиясида яшашингизни билардик. Лекин тайин адресингиз қўлимизда йўқ эди. Уйингиз томон таваккал йўлга тушгандик.

Нохияга кириб, то уйингизни топгунча, камида ўнга яқин одамдан қаерда яшашингизни сўраб бордик. Буни қарангки, шунча одамдан биронтаси: “Мен Дадахон Ҳасанов уйини билмайман” демади. хаммалари бизга йўл кўрсатишди. хаммалари орқангиздан хам сизлаб, сизга хурматларини билдиришди. Ана шунда сиз билан фахрланишим янада ортди. Олтиариқда бўларканман, сиз билан яна кўп марта фахрландим. Нохия марказида, пахта планининг тўлишига бағишланган сайлда айтган сўзларингиз, куйлаган қўшиқларингизни халқ жон қулоғи билан тинглади. Одамлар сизни қўйиб юборгилари келмасди. Улар истардиларки, дилбар хонишларингиз тўхтамаса. Ёниқ торингиз тинмаса...

Марғилонда хам худди шундай бўлди. Махаллалардаги йиғинларнинг бирида халқ сизни ўраб олди. Кейин дейишингизга қарамай, “ўтинамиз, куйлаб беринг” деб туриб олди.

Рад этолмадингиз. Халқ хаётидан ёниб-ёниб, халқ мехридан қониб-қониб, эриб-эриб куйладингиз. Ширали, мардона овозингиз Марғилон самосини жунбушга келтирди. Мудроқ қалбларни уйғотди, журъатсизларга журъат улашди.

Нидолар қилдингиз. Мехр кўзларини сизга қадаб турган одамларга қараб, сайроқи торингизни чертиб, куйлаб бердингиз. Одамлар сизнинг қўшиқларингизга, қалб эхтиросларингизга тўйишмасди.

Бундай бахт хаммага хам насиб бўлавермайди. Халқ ўзига жафокаш фарзандларинигина бошига кўтаради.

Олтиариқликлар сизни ўзбекистон Олий кенгашига депутатликка кўрсатишни истайдилар. Лекин нохия, вилоят, қолаверса, жумхурият рахбарларининг бунга йўл бергилари йўқ. Бизга айтишларича, нохия рахбарияти: “Дадахон Ҳасанов устидан жиноий иш қўзғатилган. Унинг номзодини кўрсатиб бўлмайди” деган бемаъни гапни халққа уқтираётган эмиш. Сизнинг ўрнингизга эса Тошкентдан шоир Эркин Вохидовни депутатликка таклиф қилишаяпти экан.

Алдамчиликни, риёкорликни қаранг. Сиздай покиза, фидойи инсоннинг, буюк қалбнинг кўнгил боғига қачонгача тош отадилар экан?

Келинг, яхшиси, шеър ўқий. Сиз хақингиздаги шеър.

Айтинг, чиндан булбулмикан биз сиғинган булбуллар?

Эмасмикан овози бор, андухи йўқ думбуллар?

Истармисиз мўъжизадан сел бўлишин кўнгиллар?

Унда бедор, бехушликдан зада жонлар куйласин,

Юрак-бағри тилим-тилим Дадахонлар куйласин!

 

Десангизки: нечун хадеб бўрон-селда нурайин?

Десангизки: бошлардаги ғам қорларин курайин,

Десангизки: она халқим виждонини кўрайин, -

Кўра қолинг. Изғириндан зада жонлар куйласин,

Навбаҳорга интиқ бўлган Дадахонлар куйласин!

 

Мотамзада ватан нима, уни қандоқ суйганлар?

қодирийси, Чўлпонига нималар деб куйганлар?

Афғон ёқдан афғон келса, ўзни қайга қўйганлар.

Билмасангиз, мотамлардан зада жонлар куйласин.         

Охи бисёр, куйи бедор Дадахонлар куйласин!

 

Сўзларида жарохати, кўзларида жоласи,

Куйлагани қўшиқ эмас, тупроғимиз ноласи.

Мана, шундоқ бўлур асли ўзбекнинг бўз боласи!

Бемухаббат, лоқайдликдан зада жонлар куйласин,

Йиғлаётган тори ила Дадахонлар куйласин.

 

Куйлар экан гулларини сочсин бахор бошидан,

Андалиблар шогирд тушсин кетолмайин қошидан.

Бундай зотлар туғилгайдир юртнинг хуни ёшидан,

Аритмоққа ёшни ундан, зада жонлар куйласин,

Куйлаверсин, куйлаверсин, Дадахонлар куйласин.

                                                                  ГУЛЧЕХРА НУРУЛЛОХ

1989 йил,  7 декабр. Олтиариқ.
  
1520 kez okundu

Yorumlar

Henüz yorum yapılmamış. İlk yorumu yapmak için tıklayın
Ziyaret Bilgileri
Aktif Ziyaretçi1
Bugün Toplam14
Toplam Ziyaret29067
Döviz Bilgileri
AlışSatış
Dolar5.80835.8316
Euro6.48496.5108
Hava Durumu