• Anasayfa
  • Favorilere Ekle
  • Site Haritası
Site Haritası
Takvim

DADAXON HASAN
Meşhur Özbek Sanatkârı


ДАДАХОН ҲАСАН ҲАҚИДА

         Дадахон Ҳасан Шокир Ҳасан ўғли 1941 йилда Туркистоннинг Фарғона вилояти ўша вақтдаги Риштон туманига қарашли Қайрағоч қишлоғида туғилди. Дадахоннинг онаси Қумрихон аянинг хикоя қилишларича, Дадахон Герман армияси, яъни немис фашистлари Москва - Кремлга кириб келган кунларнинг бирида туғилган экан. Пахтазор билан мактаб ўртасида қатнаб, нихоят ўрта мактабни бир амаллаб тугатди. 1961 йили Тошкент Давлат университети журналистика факультетига ўқишга кириб, уни 1966 йили битказди.

Дадахон 1961 йилнинг кузида I-курсда ўқишни бошлаган чоғларидаёқ факультет қошидаги “Ҳамзачилар” деб номланган маданий-маърифий уюшманинг ташкилотчиларидан бири эди. Аммо уюшма заминида миллий озодлик учун кураш ғояси борлигини сезиб қолган Совет КГБ идораси олти ойлик “чақалоқ” уюшмани тезда тарқатиб юборди. Дадахонни эса ўшанда рус қиёфасидаги номаълум шахслар, тунда яшаб турган ижара уйидан олиб кетишиб, унинг пешонасига тўппонча қадашди, уч кеча-кундуз қоронғи уйда қўл-оёғи, кўзи боғлиқ холда сақлашди ва 4-куни ярим тунда уни (ижара) уйига элтиб ташладилар. Улар Дадахонни калтаклашиб, унга - хамзачилар уюшмасига қатнашмаслиги учун қаттиқ огоҳлантирув беришган эди...

1970 йили В.И.Лениннинг туғилган кунига 100 йил тўлиши муносабати билан Тошкент шахридаги Свердлов концерт залида уюштирилган "Ленинни шарафлаймиз" деган адабий мусиқий кечада бу ерга йиғилган томошабинлар Ленинни шарафланишига сираям имкон беришмагани, фақат Дадахон Ҳасан қўшиқ айтсин деб ер тепиб, қарсак чалиб, ғалаён қилишлари оқибатида йиғилишда Ленин хақида гапириши керак бўлган кишилар гапиролмаганликлари, Ўзбекистон совет ҳукуматининг Дадахонга бўлган муносабатини кескин ёмонлашувига сабаб бўлди. Ниҳоят, орадан бирон ҳафта ўтмасдан, "Совет Ўзбекистони" газетасида Дадахон Ҳасанга қарши танқидий фельетон босилиб чиқди. Ўшандан буён ҳукумат назоратида, ясоқ этилган шоир ва ҳофиз Дадахон Ҳасан 1973 йили миллий, маънавий ва диний қўшиқлар айтгани, хусусан, Ахмад Яссавий, Махтумқули, Сўфи Оллоёр, Ҳувайдо, Чўлпон, Самад Вурғун ҳамда замонавий адиблардан Рауф Парфи, Абдулла Ориф ҳатто Эркин Воҳид шеърларини қўшиқ қилиб куйлагани учун йил давомида Тошкент шаҳри Собир Рахимов тумани прокуратурасида сўроқ бериб тергов қилинди. Хайрият, қамалмай қолди, бироқ Дадахонга таъқиб ва таъқиқ янада кучайтирилди.

1976 йилнинг қишида эса ўз қўшиғига Она Ватан, Туркистон ва буюк бобомиз Амир Темур номини қўшиб айтганлиги учун 15 кеча-кундуз муддатга қамалди. Дадахонни хибсга олдилар. Мана ўша қўшиқнинг сўнги матни: 

                        Туркистондир маним асли маконим

                        Самоларда учар шарафим шоним

                        Темур бобом жахонгирим султоним

                        Ер юзида донг таратган Ватаним

                        Жахонни махлиё этган Ватаним

                        Сенга фидо бўлсин рух ила таним.

Ўшанда Ленин райони ички ишлар бўлими қошидаги КПЗ қамоқхонасида ётган Дадахон Ҳасанни Тошкент шахар ички ишлар бошқармасининг бошлиғи генерал Ислом Сатторов ўз хузурига чақиртириб:

-Туппа-тузук йигит экансиз-у, нега Амир Темур, Туркистон деб қўшиқ айтасиз. Амир Темур, Туркистон қаёқда-ю, сиз-у биз қаёқда? Ўзингизни ўша "Лайло", "Кўзларинг", "Тугмача", "Лабларинг" каби ишқий қўшиқларингизни айтиб юравермайсизми! Амир Темур, Туркистон деб яна бирон жойда қўшиқ айтсангиз, сизни узоқ муддатга мен ўзим қаматиб юбораман, деб Дадахонга ўттиз рубль жарима тўлаттириб, уни қамоқдан озод этган эди. Бироқ, Дадахон ўшандан кейин хам янада илхом билан, Чор Русия босқинчиларига қарши жанглар қилган Туркистоннинг буюк фарзандлари Дукчи эшон, Қурбонжон додхоҳ, Пўлатхон, Мадаминбек, Шерматбек, Омон полвон, Эргашбек ва бошқа миллий мужохидлар хақида қўшиқлар яратди.

Дадахон Ҳасан 1988 йил 11 ноябрида юртнинг бир гурух мунавварлари билан “Бирлик” халқ харакатини ўз уйида тузди. 1989 йил март ойидан бошлаб эса Ўзбекистондаги барча махсус идораларга унинг қўшиқларини таъқиқловчи буйруқ берилди. Шундай бўлса-да, Дадахон 1990 йил “Ёш ленинчи” газетасининг умумхалқ сўровига биноан Ўзбекистоннинг 1989 йилдаги энг машхур кишиси бўлиб тан олинди, танилди. Антисовет қўшиқлар айтиб эл орасида советларга қарши ташвиқот ишларини авж олдиргани, айниқса, “Она Туркистон”, “Қўзғалинг!”, “Горбачев, сизга нидоларим бор!”, “Босиб олинган бу юрт”, шунингдек, “Кўзингни оч ўзбегим!” ва бошқа исёнкор қўшиқлар куйлагани учун 1989 йил охирларида Фарғона вилояти прокуратураси томонидан Дадахонга нисбатан жиноий иш қўзғатилди, махкама бошланди. Аммо қайта қуриш, ошкоралик, демократия жараёнлари боис ва айниқса эл-юрт ҳимоясида бўлган Дадахон бу сафар хам қамоққа тортилмади. Дадахонни ҳибс жазосига тортмаганлиги учун вилоят бош прокурори Абдулла Отажонов ишдан олинди ва нафақага чиқарилди.

Москва КГБси Фарғона фожеаларининг бош сабабчиси деб Дадахонни кўрсатди. Оллохга беадад шукрлар бўлсинки, хақиқат эгилди, аммо синмади. Ватанпарвар, миллатпарвар бўлганлиги учун унга юкланган айбномаларнинг барчаси тухмату ёлғон бўлиб чиқди. Фарғона фожеаларининг асл ижрочилари ва уюштирувчилари эса москвалик миссионерлар, аниқроғи, Москва КГБси эканлиги аниқланиб исботланди. Ўшанда баъзи катта-кичик газеталар хам “Дадахон Ҳасан “Қўзғалинг, қўзғалинг”, “Она Туркистон” деб қўшиқ айтиб, хаммани қўзғатиб юборди, натижада Фарғона фожеалари юзага чиқди” деб Фарғона фожеаларини Дадахоннинг зиммасига юклаган эдилар. Тўғри, Дадахон ўшанда миллий ватанпарварлик ва жанговор сиёсий хамда исёнкор қўшиқлар айтиб, айниқса, Фарғона водийси ахолисини исёнга чорлагани, кенг халқ оммасини оёқлантиргани рост, бироқ Дадахон халқни босқинчи рус империалистларига, яъни ёвга қарши қўзғаган эди.

               “Қўзғалинг, эй ахли мўмин ёвга қарши қўзғалинг”,

деб куйлаган эди ўша қутлуғ кунларда. Ўшанда Дадахоннинг инқилобий қўшиқларидан руҳланиб жумбушга келган халқни Москва КГБси водийда яшаётган месхети турклари билан уруш жанжал чиқартириб бу жанжални ўз фойдасига йўналтирган эди ва Москва ғалаба қилган эди. 

90 йилларнинг бошларида мустақилликни мустахкамлаш, уни асраб-авайлаш, ёш авлодни миллий ва ватанпарварлик руҳида тарбиялаш учун харакат қилувчи “Ватан” миллий истиқлол жабхасини тузган хам Дадахон Ҳасан эди...

Дадахон 1992 йили Халқаро Ахмад Яссавий мукофотига сазовор бўлди. Ўзбекистоннинг бугунги миллий мустақиллиги учун курашнинг олдинги сафида бўлган Дадахон Ҳасан совет даврида тазйиқ, таъқиблар ичида бўлса-да, ғоятда машаққатлар чекиб, бор-йўғи тўрттагина шеърий тўплам чиқара олди. Булар "Шайдо кўнглим" (1969), "Шохимардон сойлари" (1980), "Чаманимдан айирма" (1984 ), "Бахор келур боғларга" (1990) Тошкентда чоп этилгандир.

1970 йиллардан бошлаб Дадахон жонажон она-ватан, Туркистон, Амир Темур хақида, Орол кўли ва унинг фожиаси хақида, ўзбек хотин-қизларининг оғир мехнат ва машаққати, кетмончи ва ўзига ўт қўяётган аёллар хусусида, Русия тупроқларида харбий хизмат пайтида ўлдирилган ўзбек аскарлари хақида, пахта яккахокимлигига қарши, пахта колониал қулдорлик экини эканлиги хақида, озодлик борасида исёнкор шунингдек, озодлик истаб хитоб тарзида айтилган қўшиқлар, 1920-50 йилларда Сталин зулмидан қатағон қилинганлар хақидаги қўшиқлар ва урушга қарши айтилган нафрат қўшиқлари, турк дунёсининг миллий бирлиги хақидаги чақириқ ва миллий қўшиқлар, Туркистоннинг асл фарзандлари, буюк, ойдин мунавварлари Вали Қаюмхон ота, Анвар пошо, Мустафо Чўқай, Усмон Хўжа, Файзулла Хўжа, Боймирза Ҳайит ва бошқа миллий мужохид қахрамонларимиз хақидаги қўшиқлар, афғон уруши ва унинг қурбонлари хақида айтилган қўшиқлар, адолатсизлик, зулм-истибдод хусусидаги жиддий қўшиқлардан иборат узундан-узун ушбу рўйхатни кўздан кечирар эканмиз, Дадахоннинг нихоятда сермахсул ва машаққатли ижод сохиби эканлигига имон келтирамиз. Ва бир хофиз учун шу қадар рангбаранг ва кўп дастур оғирлик қилмайдимикан, деб таажжубга тушамиз. Дадахоннинг ўз хаётида мингдан ортиқ қўшиқни ижод этиб, уларни басталаб, ўзи ижро қилиб, кенг халқ оммасига етказа олганини кўриб, эшитиб яқо ушлаймиз. Дадахоннинг 1985-90 йилларда яратиб, ижро этган ва дунё бўйлаб қанот ёзган инқилобий, сиёсий, исёнкор қўшиқларини жон дили билан тинглаган чет-элларда истиқомат қилаётган барча туркистонлик ватандошлар Дадахонни 1990-йили "Туркистон булбули" деб атаганлар.

Ўзбекнинг инқилобчи шоир ва хофизи Дадахон Ҳасан аввало Оллохга, сўнгра бугунги мустақил кунларимизга беадад шукрлар айтиб, ўз она юртида бир нав кун кечирмоқда-умр ўтказмоқда. Ўзбекистонимизнинг ёхуд Туркистонимизнинг бугунги мустақиллиги учун ўз қўшиқлари, маъруза ва шеърлари, шунингдек, “Бирлик” халқ харакатини ўз уйида тузиб, амалий саъй-харакатлари билан босқинчи рус коммунист империясига қарши ўз вақтида, балки хаммадан аввал кураш бошлаган эди. Дадахон ўзи танлаган ва суйган, виждони буюрган хақиқат ва адолат йўлидан асло чекинмади.

  
3511 kez okundu

Yorumlar

Henüz yorum yapılmamış. İlk yorumu yapmak için tıklayın
Ziyaret Bilgileri
Aktif Ziyaretçi1
Bugün Toplam14
Toplam Ziyaret29067
Döviz Bilgileri
AlışSatış
Dolar5.80835.8316
Euro6.48496.5108
Hava Durumu